• Ishonch telefoni: (+998) 71 244-05-05
Bosh safiha / Янги уйларга кўчиб ўтган оилалар аввалги ҳовлиларини ҳам сақлаб қолади

Янги уйларга кўчиб ўтган оилалар аввалги ҳовлиларини ҳам сақлаб қолади

Гулистон шаҳридаги Ёшлар марказида Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги анжумани давом этяпти.

 

Сессия спикерлари – бир қатор вазирлик, идоралар раҳбар ходимлари Сирдарё вилоятининг сув тошқинидан жабрланган Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманлари аҳолисининг яшаш шароитларини яхшилаш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида батафсил маълумот беришди. Бу борада режалаштирилган ишлар учун Молия вазирлиги томонидан мамлакатимиз ҳудудлари, соҳа ва тармоқларга ажратилган маблағлардан чегирилмаган ҳолда 1,5 триллион сўм шакллантирилади.

 

Офат зиён етказган ҳудудларда замонавий, шинам кўп қаватли уйлар барпо этилади. 23 мингдан зиёд аҳоли босқичма-босқич янги уйларга кўчиб ўтади. Шу билан бирга оилалар аввалги ҳовлиларини ҳам сақлаб қолади ва ўша ҳудудлардан томорқа сифатида фойдаланиб, қушимча даромад олиш имконига эга бўлишади. Бунёдкорлик ишларига республикамиздаги юқори салоҳиятга, катта тажрибага эга 11 минг ишчи кучини жамлаган қурилиш компаниялари жалб этилган.

 

– Ушбу кўнгилсиз ҳодисадан зарар кўрган аҳолига 40 миллион сўмдан моддий ёрдам ажратилгани, маиший техника воситалари беғараз ажратилгани барчамизнинг кўнглимизни кўтарди, – дейди туман кенгаши депутати, Оқолтин тумани Шодлик МФЙда яшовчи Ойсулув Ўлжаева. – Насиб этса, янги уйга кўчиб ўтганимиздан сўнг ҳовлимиздаги томорқага экин экиб, давлатимиз томонидан берилган моддий ёрдамдан унумли фойдаланишни мақсад қилдик. Умуман, мажбурий кўчирилган сирдарёликлар уларга кўрсатилаётган ғамхўрликдан мамнун эканликларини изҳор этишмоқда.

Манба: ЎзА