• Ishonch telefoni: (+998) 71 244-05-05
Bosh safiha / ТИЗИМДА ИНСОН ОМИЛИНИНГ ҚИСҚАРИШИ ШАФФОФЛИККА ХИЗМАТ ҚИЛИШИ КЕРАК

ТИЗИМДА ИНСОН ОМИЛИНИНГ ҚИСҚАРИШИ ШАФФОФЛИККА ХИЗМАТ ҚИЛИШИ КЕРАК

Президент Шавкат Мирзиёев 20 июль куни архитектура ва қурилиш соҳасидаги ислоҳотлар натижаларига оид тақдимот билан танишди.

Мамлакатимизда бунёдкорлик кўлами йил сайин кенгаймоқда. Узоқни ўйлаб, ҳудудларда урбанизация жараёни амалга ошириляпти. Қишлоқ жойларда ҳам қурилиш ишлари жадал кетмоқда.

Булар, албатта, соҳани такомиллаштириш, шаффофликни таъминлаш, ипотека бозорини ривожлантиришни тақозо этади. Охирги уч йилда шу масалалар бўйича Президентнинг қирққа яқин қарори қабул қилинди. Бўлиб ўтган йиғилишда амалга оширилган ишлар таҳлил этилиб, олдинда қилиниши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилди.

 

ТИЗИМДА ИНСОН ОМИЛИНИНГ ҚИСҚАРИШИ ШАФФОФЛИККА ХИЗМАТ ҚИЛИШИ КЕРАК

Бугунги йиғилишда архитектура ва қурилиш соҳасидаги ислоҳотлар тақдимоти ўтказилди. Президентимиз муаммоларнинг ечими борасида эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатларни келтириб ўтдилар. Булардан қуйидагича хулоса чиқариш мумкин: Аввало, қурилиш нормативларини янгилаш зарур. Айниқса, ижтимоий объектлар — мактабгача таълим ташкилоти, мактаб, соғлиқни сақлаш объектларининг сифатини ошириш ва замонавий кўринишга олиб келиш бугуннинг долзарб вазифасига айланди.  Шу билан биргаликда, ўн олти қават ва ундан юқори бўлган биноларни қуришда ҳозирда ер юзидаги ресурсларнинг чекланганлигини ҳисобга олиб, уларда газдан фойдаланишга руҳсат бериш каби жиҳатларни қурилиш нормаларига киритиш, илғор чет давлатларининг тажрибаси асосида қуришга эътибор бериш алоҳида таъкидланди.

Тан олиш керак, бугунги тақдимотлар давомида қурилиш соҳасини рақамлаштиришдаги камчиликлар ҳам кўзга ташланди. Бу жараёнда, биринчи галда, қурилиш объектларининг сифатини назорат қилишга эътибор қаратишимиз зарур. Бу борада бир жараённи пойтахтда эксперимент қиляпмиз. Яъни  ҳар бир инспекторнинг қўлига планшет берилди. Сифатни назорат қилувчи инспектор қурилиш объектига боради ва жараённи шу қурилма орқали фото ёки видеотасвирга олиб, базага жўнатади. База орқали уни бошқа мутахассислар ҳам кўриб, фикр билдиришлари, шу объектнинг сифатини яхшилаш борасида маслаҳат беришлари мумкин бўлади. Агар бу тизим ўзининг самарасини берса, бутун республика бўйлаб оммалаштирилади.

Биласиз, тендер — жуда кўп муҳокамаларга сабаб бўлган тизимлардан бири. Бу жараёнда вақтни икки баробар тежашга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Топшириладиган ҳужжатлар сони 14 тадан 6 тага қисқартирилди. Барча босқичларда инсон омили максимал даражада камайтирилиб, жараён рақамлаштирилди. Бунда рейтинг тизими ишлаб чиқилганини алоҳида таъкидлаш зарур. Яъни ҳар бир корхонанинг ойлик қилган ишлари ҳажми, айланма маблағлари, моддий техник базаси кабилар тўғрисидаги маълумотлар автоматик тарзда рейтинг тизимига келиб тушади. Шу маълумотлар асосида рейтинг шакллантирилади. Пудратчиларнинг рейтингдаги олган баҳолари тендерда ютиш ёки ютмаслигини белгилайди. Бир сўз билан айтганда, тендер жараёнларида инсон омилининг йўқотилиши тизимда шаффофликни таъминлашга хизмат қилиши керак.

 

Шерзод ҲИДОЯТОВ,

Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари