• Ishonch telefoni: (+998) 71 244-05-05
Bosh safiha / Самарқандлик қурувчилар Оқолтинда иш бошлади

Самарқандлик қурувчилар Оқолтинда иш бошлади

Сирдарё вилоятининг сув тошқинидан талофат кўрган ҳудудларида амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишларида самарқандлик қурувчилар ҳам иштирок этмоқда.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, вилоятда қурилиш соҳасида фаолият олиб бораётган 40 га яқин корхона ва ташкилотларнинг 300 нафарга яқин қурувчи ва қўли гул усталари кеча Оқ олтин тумани Шодлик маҳалласидаги турар-жой биноларида капитал таъмирлаш ишларини бошлади. Бунда вилоятдан сафарбар этилган 43 та махсус техника кучидан кенг фойдаланилмоқда.

Вилоят ҳокими Э.Турдимов раҳбарлигидаги вилоят мутасаддилари икки кун давомида ҳудуддаги ҳолатни тўлиқ ўрганиб чиқиб, амалга оширилиши зарур бўлган режаларни белгилаб олди ва маҳаллани тозалаш, уй-жойларни қайта қуриш ишлари шу асосда ташкил этилмоқда.

Жумладан, ушбу маҳаллада жойлашган 4 та типда қурилган 89 та турар-жойдаги 158 та хонадонда капитал таъмирлаш, уйлар атрофини ободонлаштириш, ижтимоий соҳа объектлари фаолиятини қисқа муддатларда тиклаш ишлари олиб борилади.

Мазкур қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга оширишда асосий эътибор сифатга қаратилиб, бу ерда яшовчилар учун қулай шароитлар яратилади.